ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Тадбирни очар экан, давлат раҳбари пандемияни енгиб ўтиш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби хабар берди.
Давлат раҳбари пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтиш ва кейинги тўлқинларга йўл қўймаслик учун, халқдан 3 та муҳим шартга қатъий амал қилиш талаб этилишини айтди.
Биринчидан, вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти – бу албатта эмланиш.
Иккинчидан, шахсий гигиена ва ижтимоий масофани сақлаш талабларига риоя қилиш, жамоат жойларида тиббий ниқобда юриш – касалликдан энг самарали ҳимоя эканини унутмаслик.
Учинчидан, касаллик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанаётган беморларни ўзбошимчалик билан, пала-партиш дори воситаларини истеъмол қилишини олдини олиш зарур.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш учун бугунги кунга қадар 4 турдаги 13 миллион доза вакцина олиб келинган. Қайси турдаги вакцина билан эмланиш бўйича аҳолида танлаш имконияти пайдо бўлган.