ТОШКЕНТ, 2 авг— Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов брифинг давомида маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Бироқ Асадов давлат раҳбари айнан қайси вакцина билан эмланганига ойдинлик киритмади.
"Президентимиз масъулиятли фуқаро сифатида албатта, вакцина олганлар. Ўша вақтда Ўзбекистонда 3 та вакцина рўйхатдан ўтган эди: "ZF-UZ VAC2001", "AstraZeneca" ва "Спутник V". Президентимиз шу вакциналардан бири билан тўлиқ эмланганлар", - дея жавоб берди у президент эмланганми деган саволга.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида аҳолини фаолроқ эмланишга чақирган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда айни кунгача жами 7,6 млндан зиёд доза вакцинадан фойдаланилган. 1,2 миллион нафардан ортиқ фуқаро коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.