ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Тошкент телеканали “Пойтахт йўллари” кўрсатувида Олмалиқ шаҳрида ЙПХ инспектори қоидабузар “Malibu” ҳайдовчисини “юқоридан” бўлган буйруқ туфайли қўйиб юборишга мажбур бўлгани акс этган лавҳа эфирга узатилди.
Видеода ўзини вилоят ЙПХ ходими деб таништирган инспектор қора рангдаги “Malibu” автомобилини ҳайдовчисини тўхтатгани кўриш мумкин. Ходим аниқланган қоидабузарлик учун ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштираётган вақтида унга рация орқали алоқага чиқилади ва машинани қўйиб юбориш буйруғи берилади.
“Телефон қилишди, қанақа машинани ушлаб турибсан?.. Қўйвор бўлди, кўп гапирмасдан. Яхши етволинг деб тушунтирвор”, — деган гапларни эшитиш мумкин лавҳада.
ЙПХ инспектори буйруқни бажарган ҳолда автомобилнинг ҳаракатланишига рухсат берган.
Вилоят ИИББ ахборот хизмати бу ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган назорат-рейд тадбирлари давомида М.Улуғбек кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.И. “Malibu” ҳайдовчисини ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмаганлиги сабабли тўхтатган. Автомобиль “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонасига тегишли. Текширув давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлгани аниқланган.
Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1-қисмига (Хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан электрон шаклдаги баённома расмийлаштирилган.
“Ушбу ҳолатда (рация орқали боғланган) 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди командири амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларини бузгани учун интизомий жазоланди”, - дейилган хабарда.