Тошкентда 1 августдан бир қанча автобус йўналишлари ўзгартирилади

Йўналишларни мувофиқлаштириш ишлари натижалари бўйича 2021 йил 1 августдан бошлаб, 5 та автобус йўналишлари ҳаракати қисқартирилади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 июл - Sputnik. Тошкентдаги бир қанча автобус йўналишига ўзгартириш киритилиб, янгилари ташкил этилади, дея хабар бермоқда "Тошшаҳартрансхизмат".
Хабарга кўра, 2021 йил 1 август кунидан бошлаб, "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ таркибидаги автобус саройлари томонидан хизмат кўрсатилаётган 7 та автобус йўналишлари ҳаракатини қисқартириш, 2 та янги йўналиш очиш, 2 та йўналиш ҳаракатига ўзгартириш киритиш тўғрисида маълумот берилган эди.
Ҳаракат йўналиши қисқартирилиши режалаштирилган 56, 82, 103-сонли автобус йўналишлари бўйича қўшимча ўрганишларни ўтказиш зарурияти юзага келаётгани сабаб, ушбу йўналишлар ҳаракати вақтинчалик ўзгартиришсиз қолдирилади.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “ISUZU” автобуслари Бишкек кўчаларида қатнай бошлади
Бундан ташқари, ўтказилган ўрганишлар натижалари бўйича 2021 йил 1 август кунидан бошлаб, 41, 32, 59-сонли автобус йўналишлари ҳаракатига ҳам қисман ўзгартиришлар киритилади.
Жумладан:
32-сонли Сергели 6-а даҳаси–Гулобод кўчаси автобус йўналишининг Эркин мавзесига ҳаракатланиши қисқартирилади ва ушбу йўналишнинг Сергели 6-а мавзесидан ҳаракатланиши Янги Чоштепа мавзеси орқали ташкил этилади.
41-сонли Чилонзор 25-даҳаси–Янги Чоштепа мавзеси автобус йўналишининг Янги Чоштепа мавзесидан Чилонзор буюм бозоригача бўлган оралиқдаги ҳаракати қисқартирилади. Эндиликда 41-сонли йўналиш Чилонзор 25-даҳаси–Чилонзор буюм бозори оралиғида 5 та жадвал асосида ҳаракатланади.
Тошкентда ўндан ортиқ кўчада қўшимча ҳаракат йўналишлари очилади
Маълумот учун, Янги Чоштепа мавзеси аҳолиси учун йўловчи транспорти хизматларидан фойдаланишдаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида, 1 август кунидан ушбу мавзега 32 ва 86-сонли автобус йўналишлари ҳаракати йўлга қўйилади.
59-сонли Сергели 12-даҳаси–Карвон бозори автобус йўналишининг сўнгги бекати Сергели 12-даҳаси бекатидан Дўстлик 2-мавзеси автошоҳбекатига ўзгартирилади. Эндиликда 59-сонли йўналиш Дўстлик 2-мавзеси–Карвон бозори оралиғида ҳаракатланади.
Йўналишларни мувофиқлаштириш ишлари натижалари бўйича 2021 йил 1 августдан бошлаб, 5 та автобус йўналишлари ҳаракати қисқартирилади, 4 та автобус йўналишларининг ҳаракатига ўзгартириш киритилади, 1 та янги автобус йўналиши ташкил этилади.