ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Россиялик таниқли блогер Илья Варламов Instagram саҳифасида Тошкент марказий кўчаларида суратга олган расм ва видеоларни жойлаштирди.
Журналист Ўзбекистонга бир неча кун олдин келди ва пойтахт метросидан фойдаланишга улгурди. Шунингдек, Ислом Каримов ҳайкали олдига бориб, аҳоли билан суҳбатлашди.
Варламов аккаунтидаги расмларга қараганда, у тошкентликларнинг турмуш тарзини кузатиб, шаҳар кўчаларини ўрганмоқда.
Шунингдек, россиялик блогер депутат Расул Кушербаевдан интервью олгани ҳам маълум. Бу ҳақда депутат Telegram-канал орқали маълум қилди.
Блогерни Тошкентга келишнинг сабаби ҳозирча номаълум. Таъкидланишича, у Ўзбекистон ҳақида навбатдаги лойиҳа устида ишламоқда, тафсилотларини ошкор қилмади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил қиш мавсумида таниқли россиялик блогер урбанист Илья Варламов Самарқандга ташриф буюриб, унинг сайёҳлик инфратузиламасидан қониқмаганди.
Варламовнинг сўзларига кўра, “Живой журнал”да унинг Самарқандга саёҳати ҳақида мақола нашр этилишидан бир кун ўтиб, шаҳарда “иш қайнаб кетган”. Амалдорлар блогер кезган жойларда бўлиб, у танқид қилган камчиликларни тузатишган.
“Бир тарафдан, бу жуда ажойиб. Танқидга яхши ва тўғри муносабат. Бошқа тарафдан, шаҳар бўйлаб жуда юзаки сайр қилганимдан хижолатдаман. Агар ўзбек амалдорлари камчиликларини шунчалик тезкор ислоҳ қила олишларини билганимда, томошага жиддийроқ ёндошган бўлардим. Умуман олганда, бу мендаги камчилик. Узр сўрайман”, - дея ёзган Илья Варламов.