ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев вафот этган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Ҳолат бўйича Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилди, деб маълум қилишди Sputnik Ўзбекистон мухбирига.
Мурод Хонтўраев бошқарувидаги BMW X5 автомобили билан тўқнашув содир этган Lacetti автомобили ҳайдовчиси А.У. гувоҳ сифатида терговга жалб этилди.
19 июль куни Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди.
Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-12 автомобиль йўлининг 68-километрида бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган "Lacetti" ҳамда "BMW X5" русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлди. Бунинг оқибатида "BMW X5" русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилди.
Мурод Хонтўраев билан бирга автоҳалокатга учраган Жасур Анарбоев "кома" ҳолатидан чиқди.