ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонасига оғир аҳволда олиб келинаётган беморларнинг аксарияти ўзини-ўзи даволаш билан шуғулланганлар, деди ушбу шифохона директори Анвар Ҳусанов.
“Бугунги кунда бизга жуда кўп беморлар оғир аҳволда олиб келинмоқда. Уларнинг аксарияти уйда, кимларнидир тавсиясига кўра ёкин интернет тармоқларидан қандайдир дори-дармонлар, антибиотиклар, гормонотерапия, пульсотеряпия қилиб даволаниб, минг афсус, касалликнинг 5-6 кунида жуда оғир аҳволга тушиб қолиб бизга олиб келинмоқда”, - дейди шифокор.
Ҳусанов айтишига кўра, бундай ўз-ўзини даволаш беморларнинг умумий ҳолатини янада оғирлаштириб, касалликка қарши курашаётган шифокорларга ҳам катта қийинчилик туғдирмоқда. Шу сабабли ҳам шифокор фуқаролардан фақат мутахассис-шифокорларга мурожаат қилиб, уларнинг тавсифсига кўра даволанишни сўраб қолган.
“Коронавируснинг биринчи белгилари, иситма кўтарилиши, томоқ оғриши, тана қақшаб оғриши, йўтал аломатлари пайқаган заҳотиёқ – ўз поликлиникангизга, мобил бригадаларга ёки 103 рақамига қўнғироқ қилиб. Мутахассислар тавсиясини олиш ва белгиланган муожаларни олишингизни илтимос қиламан. Ўзингизни ва яқинларнингизни эҳтиёт қилинг”, - дейди Анвар Ҳусанов.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш бўйича антирекорд ҳар куни янгиланмоқда. 26 июл куни яна 789 кишида коронавирус ва 521 кишида пневмония аниқланган. Вафот этганлар сони 6 кишини ташкил қилмоқда.