Қобулда президент саройи ёнига ракеталар келиб тушди - ОАВ

Қурбон ҳайити муносабати билан амалга оширилган намоз вақтида Қобулда президент саройи ёнига бир нечта ракеталар келиб тушди, деб хабар бермоқда Tolo News
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Қобул марказида Қурбон байрам муносабати билан амалга оширилаётган намоз вақтида президент саройи ёнига бир нечта ракеталар келиб тушди, деб хабар бермоқда Афғонистоннинг Tolo News телеканали.
Кейинроқ берилган хабарларга кўра, Афғонистон президенти Ашраф Ғани байрам муносабати билан амалга оширилган намоздан кейин байрам нутқини сўзлаган.
1ТV телеканали хабарига кўра, президент саройи ёнида учта портлаш овози эшитилган.
Афғонистон. Ҳатто уруш ҳам жаҳолат билан олиб борилмаслиги керак
Қурбонлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот ҳозирча эълон қилинмаган.
Афғонистонда кейинги вақтларда ҳукумат кучлари билан "Толибон"* жангарилари ўртасида қарама-қаршилик кескин тус олди. Толиблар қишлоқ жойларда муҳим ҳудудларни эгаллаб олиб, йирик шаҳарларга ҳужумни бошлаган. Афғонистондаги нотинчлик АҚШ маъмуриятининг 11 сентябргача Афғонистондан қўшинларни тўлиқ олиб чиқиб кетишни якунлаши ҳақидаги ваъдалар фонида кучаймоқда. 2020 йилда Вашингтон ва "Толибон"* Доҳада 18 йилдан ортиқ давом этган урушдан сўнг биринчи марта тинчлик шартномасини имзолаган эди. Келишув 14 ой ичида Афғонистондан хорижий қўшинларни олиб чиқиб кетишни ва маҳбуслар алмашинувидан сўнг афғонистонлараро мулоқотни бошлашни назарда тутади.