ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Август ойида Афғонистон билан чегара яқинидаги Тожикистоннинг Хатлон вилояти полигонида Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтади.
Ҳарбийлар афғон чегараси яқинида жангариларни йўқ қилиш машқларини ўтказадилар.
Ўтган ҳафтада Афғонистон чегараси яқинида Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳарбийлари иштирокида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.
Машғулотларда Қирғизистондаги Россия базаларининг ҳаво гуруҳлари, шунингдек, Тожикистонда жойлашган 201-ҳарбий база таркибидаги С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жалб қилинади.
Август-сентябр ойларида кенг кўламли маневрлар режалаштирилган, кейин эса қўшинлар “Тинчлик миссияси 2021” қўшма маневрларида қатнашадилар. Августда Сурхондарё вилоятида ҳарбий машқлар бошланади. Шундан сўнг аскарлар Афғонистон билан чегарада жойлашган Термиз полигонига кўчиб ўтади.
Сентябрда машғулотлар Қирғизистондаги “Эдельвейс” ўқув марказида бўлиб ўтади.