ТОШКЕНТ, 19 июл - Sputnik. Қашқадарё вилояти Косон туманида 60 ёшли эркак эмланиш баҳонасида шифохонага келиб, ўзининг шаръий никоҳдаги тўртинчи хотинини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Қашқадарё ИИБ ахборот-хизмати хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, ҳодиса 10 июль куни рўй берган.
Эркак турмуш ўртоғи ишлайдиган шифохонага эмланиш баҳонасида келиб, ҳамширалар эркакнинг шахсий касаллик картасини қидиргунча, у бино ичига кириб кетган.
Касалхона ходимлари интервьюда эркак ўзи билан совуқ қурол олиб келганини ҳатто хаёлларига келтиришмаганини тан олишади.
Ичкарига кирган эр тўғри аёли ишлаб ўтирган хонага борган ва кўп ўтмай у хонадан тўполон овозлари эшитилган. Аёл эридан дуч келган хонага қараб қочган, бироқ эркак унинг ортидан қувлаб бориб, ёнидаги пичоқ билан аёлга тан жароҳатлари етказиб, унинг умрига зомин бўлган.
Ҳамширалар аёл бир неча марта эридан шикоят қилганини эслашади.
Маълум бўлишича, эркак бунга қадар уч марта уйланган ва марҳума унинг шаръий никоҳдаги тўртинчи хотини бўлган. Эркак кўпинча ичиб, оилада жанжал кўтариб келган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.