ССВ аҳолининг аксарият қатламини мажбурий вакцинация қилиш ҳақида қарор қабул қилди

Ўзбекистон бош санитария врачи 18 ёшдан катта бўлган ва аҳоли билан мулоқотга кирувчи соҳаларда ишлайдиган барчани мажбурий эмлаш тўғрисида қонун қабул қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 июл - Sputnik. Дунёда ва Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятни ҳамда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияномаларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда аҳолининг 18 ёшдан катта бўлган аксарият қатламини мажбурий вакцина қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Унга асосан:
2021 йил 1 сентябргача 18 ёшдан катта бўлган қуйидаги тоифа ёки гуруҳдаги аҳоли қатлами коронавирус инфекциясига қарши 1-доза вакциналари;
1 октябргача 2-доза вакциналари;
1 ноябргача 3-доза вакциналари билан оммавий эмланиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартлиги белгиланди.
Улар қуйидагилар:
аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектларининг (давлат хизматлари марказлари, почта бўлинмалари, банклар, лизинг ташкилотлари, нотариуслар, суғурта компаниялари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва бошқаларнинг) ходимлари;
барча турдаги савдо объектларининг (озиқ-овқат, хўжалик моллари, кийим-кечак дўконларининг, дорихоналарнинг ва бошқаларнинг) ходимлари;
спорт мактабларининг ҳамда спорт иншоотларининг ходимлари;
маданий ҳамда кўнгилочар объектларнинг ва дам олиш масканларининг ходимлари;
меҳмонхоналарнинг, уй меҳмонхоналарининг, хостелларнинг, отелларнинг, ётоқхоналарнинг ва кемпингларнинг ишчи-ходимлари;
йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ходимлари;
давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг ходимлари;
ҳарбий хизматчилар;
умумий овқатланиш корхоналарининг, хусусан, жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш шохобчаларининг, чойхоналар, тўйхоналар, кафелар ва ресторанларнинг ходимлари, шу жумладан, маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланувчилар;
барча турдаги давлат ва нодавлат тиббиёт ва тиббий-ижтимоий объектларнинг ходимлари;
коммунал хизмат соҳаси ходимлари;
алоқа ва телекоммуникация объектларининг ходимлари;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ходимлари;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги сутка давомида Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 500 киши, пневмонияга чалинганлар сони 406 кишини ташкил қилган эди. Вафот этганлар 4 кишини ташкил қилган.