ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев коронавирусга қарши эмланди. Ҳоким Ўзбекистон-Хитой вакцинасининг иккинчи дозасини олди.
Ҳоким, вакцина олганлар билан шахсан ўзи суҳбатлашгани, коронавирусга қарши эмланиш халқ соғлигига ва хотиржамлигига фойда бераётгани ҳақида гапирди.
Эслатиб ўтамиз, 3 июлда Маданият вазири Озодбек Назарбеков жонли эфирда коронавирусга қарши эмланганди.
Шунингдек, Тошкентдаги оилавий поликлиникалардан бирида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинасининг биринчи компонентини олди.
Ундан олдин худди шу препарат билан Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов эмланди.
Ойнинг бошида Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Россиянинг "Спутник V" вакцинаси билан эмланди.
Куни кеча Ўзбекистонда аҳолининг 18 ёшдан катта бўлган аксарият қатламини мажбурий вакцина қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Унга асосан:
2021 йил 1 сентябргача 18 ёшдан катта бўлган қуйидаги тоифа ёки гуруҳдаги аҳоли қатлами коронавирус инфекциясига қарши 1-доза вакциналари;
1 октябргача 2-доза вакциналари;
1 ноябргача 3-доза вакциналари билан оммавий эмланиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартлиги белгиланди.