ТОШКЕНТ, 17 июл - Sputnik. Токио-2020 Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини кўтариб чиқиш ҳуқуқи гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобо-Усмон Батуровга насиб этди, деб хабар қилмоқда МОҚ.
Кўплаб унвонлар соҳибаси ва 7та ёзги олимпиадада иштирок этган ягона спортчи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган Оксана Чусовитина, муносиб равишда, ёзги Олимпия ўйинларида байроқдор бўлган дастлабки аёл спортчи бўлади.
Бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Бобо-Усмон Батуров унга ҳамроҳлик қилади.
Очилиш маросимининг сценарийсига кўра ҳар бир давлатдан 1 эркак ва 1 аёл спортчи байроқдор бўлиб чиқишади. Бу Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тарғиб қилинаётган гендер тенглик сиёсатининг амалда татбиқ этилишидир, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 23 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Токиодаги "Олимпия" стадионида бошланади.