Қурбон Ҳайити намози ўрнига Зуҳо намози ўқилади – Мусулмонлар идораси фатвоси

ЎМИ жамоат жойларда намоз ўқиш ўрнига ўз уйларида оила даврасида намоз ўқиб, қария, бева-бечора ва ишсизлар ҳолидан хабар олиб, хайрия қилиш ва вакцина олишни тавсия этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 июл – Sputnik. Ўзбекистонда ва бутун дунёда коронавирус пандемияси авж олаётганини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси карантин чораларига амал қилишга қаратилган фатвосини эълон қилди.

ЎМИ ушбу қарорга келишга нафақат амалдаги қонун ва тартиб-қоидалар балким мусулмонлар ўзларини эҳтиёт қилиши кераклиги тўғрисида Қуръони Каримнинг Бақара сураси 195-оятини ҳамда қатор Ҳадисларда иқтибослар келтирган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Уламолар кенгашининг ФАТВОСИ:
1.
Қурбон ҳайити намозида катта жамоат бир жойда жамланишини инобатга олиб, пандемия янада авж олмаслиги, вабо оқибатларини юмшатиш мақсадида шу куни ийд намози адо этилмайди, ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилади.
2.
Жума намозларидан (юқоридаги сабабларга кўра вақтинча ўқилмайди) бошқа намозлар барча карантин талабларига риоя қилган, яъни ниқоб таққан ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда, масжидларнинг очиқ саҳнларида адо этилади. Масжидларда қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш қатъиян таъқиқланади.
3.
Иситма, йўтал каби касаллик аломатларини ўзида ҳис қилганлар, кексалар ва кичик ёшдаги болаларга жамоат намозларида иштирок этиш тавсия этилмайди.
4.
Ёши улуғ кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналарни алоқа воситалари орқали амалга ошириб туриш тавсия этилади.
5.
Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида, хонадонларда ўқилади. Марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда юртдошларимиз ўз хонадонларида, оила даврасида бажарсинлар, фотиҳагарчиликларга боришдан ҳамда ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилишдан сақланиб турсинлар.
6.
Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қурбонлик гўшти эҳсонларини тарқатишда карантин талабларига қатъий риоя этсинлар.
7.
Пандемия вазиятида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, бозорлар ва дўконларда сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир.
8.
Вакцина олмаслик, унинг таркиби тўғрисида бўлмағур гапларни тарқатиш дуруст эмас. Давлатимиз барча талабларга жавоб берувчи вакциналар воситасида оммавий равишда эмлаш ишларини амалга ошираётган экан,барча юртдошларимиз ўзларини ва оила аъзоларини, шифокорлар билан келишган ҳолда, эмлатишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
9.
Эҳтиёжмандлар, ногиронлиги борлар, вақтинча ишсизларга эҳсон кўрсатишнинг айниқса ушбу кунлар ва ойларда савоби улуғдир. Хайрия ва эҳсон тадбирларини “Вақф” жамғармаси орқали ёки бевосита амалга ошириш тавсия этилади.
10.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг вилоятлардаги вакилликлари ходимлари ва имом-хатиблар ушбу фатво мазмун-моҳияти бўйича аҳолининг кенг қатламлари орасида батафсил тушунтириш ишларини амалга оширсинлар.
Маълумот учун бугун Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 500 кишини, пневмонияга чалинганлар сони 406 кишини ташкил қилган. Ўтган сутка давомида вафот этганлар 4 киши.