ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларига бағишланган халқаро конференцияда сўзга чиқиб, Россия Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилганидан мамнун эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
Россия ТИВ раҳбари таъкидлашича, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги интеграцион ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш бу йирик Евроосиё шериклигини ўрнатиш жараёнининг ажралмас қисмидир.
Тошкентда шу кунларда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар" халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарлари, Покистон бош вазири, Европа комиссияси вице-президенти ва турли давлатлардан 20 дан ортиқ ташқи ишлар вазирлари иштирок этмоқда.
Учрашув минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш доирасида Марказий ва Жанубий Осиё иқтисодиётини модернизация қилиш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланган. Шунингдек, транспорт коридорларини кенгайтириш ва янги коридорларини қуриш бўйича лойиҳалар ҳам киради.