Ашраф Ғани айрим қўшни давлатлардан Афғонистон ишларига аралашмасликни сўради

Толибон билан музокаралар натижасида кучлар мувозанати қандай бўлади - билмаймиз. Ҳозир биз барча диққатимизни бугунги кунга қаратиб, ўзимизни тўлиқ Оллоҳ ихтиёрига топширганмиз - Ашраф Ғани.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 июл – Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтаётган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” халқаро анжуманинида сўзга чиққан Афғонистон президенти Ашраф Ғани айрим қўшни давлатлардан ўз ва Афғонистон манфаатлари орасидаги чегарани аниқ белгилашни сўради, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Афғонистон президенти айтишига кўра ҳудуддаги айрим давлатлар ўз манфаати йўлида Афғонистон ишларига аралашишни истайди. Ашраф Ғани ушбу давлатларга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилди:

“Биз сизлардан тайёр бўлиб туришингизни сўраймиз. Афғонистонга куч маркази, туташтирувчи хаб сифатида қарашингизни сўраймиз. Бизга симпатиянгиз бўлмаса-да, лекин сиз ўзингизнинг ва бизнинг манфаатларимиз орасидаги чегарани аниқ белгилаб олишингизни сўраймиз”, - деди Ашраф Ғани.

Ундан ташқари Афғонистон президенти Толибон*ни музокаралар ўтказишга таклиф қилаётганини маълум қилди.
“Биз Толибон билан юзма-юз тўқнашишга тайёрмиз, <…> лекин Толибон*ни барча муаммоларни Афғонистон ҳукумати билан музокаралар йўли билан ҳал қилишга чорлаймиз”, - деди Ғани.
“Биз Толибон* билан музокараларда ўз позициямизни бой бермасликка ҳаракат қиламиз. <…> Натижада кучлар мувозанати қандай бўлади - билмаймиз. <…> Ҳизир биз барча диққатимизни бугунги кунга қаратиб, ўзимизни тўлиқ Оллоҳ ихтиёрига топширганмиз”.
Анжуманнинг барча иштирокчиларига мурожаат қиларкан Ашраф Ғани ҳудуддаги қўшнилар ёрдамида янги Афғонистон қуришдан умид қилаётганини билдирди.
“Биз янги Афғонистон қурамиз ва бизга сизнинг ёрдамингиз керак бўлади. <…> Афғонистонда миллий кучлар аҳоли томонидан ва аксарият губернаторлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда, кўнгилли аскарлар ёллаш фаол кетмоқда”, - деди Ашраф Ғани.
Афғон халқи менга ишонган ва мен бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Менинг асосий вазифам давлатнинг барқаор ривожланишини таъминлашдир, деб сўзини якунлади Афғонистон президенти.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкентда бўлиб ўтаётган юқори даражали халқаро Анжуманда дунёнинг 44 мамлакатидан иккита олий ва юқори даражали делегация, 15та парламент делегациялари, 37та ТИВ делегациялари ва 10та вазирлик ва турли йўналишдаги муассаса делегациялари, 180дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари ташриф буюрган. Тадбир арафасида меҳмонлар умумий сони 600нафарга яқин бўлиши эълон қилинган эди.