ТОШКЕНТ, 14 июл - Sputnik. Тошкент маркази - Амир Темур хиёбонида ички ишлар органлари россиялик блогер ва унинг кузатувчилари учрашувини тарқатиб юборди.
Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати ўз расмий саҳифасида хабар берди.
Хабарда айтилишича, 13 июль куни тахминан соат 22.30 ларда Тошкент шаҳрига Instagram ва Youtube ижтимоий тармоқларида "Субо" номи билан танилган блогер – 22 ёшли Россия фуқароси Мамедов Субхан Мурад ўғли ташриф буюрган. Бундан олдинроқ у ўзининг саҳифасида тез орада Тошкентда бўлишини ва кузатувчилари билан учрашиб, уларга пул тарқатишини маълум қилган.
Тошкентнинг Амир Темур ҳиёбонида Мамедовни кутиб олиш учун 150-200 га яқин фуқаролар йиғилган.
"Ҳозирги кунда эпидемиологик вазиятни инобатга олиб, юртимизда карантин чекловлари ўрнатилганлиги сабабли, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан фуқароларга карантин қоидаларига риоя этишлари ҳамда оммавий равишда тўпланмасликлари тушунтирилган ва фуқаролар тарқатилган", - дейилади ИИББ хабарида.
ИИО вакиллари блогер билан профилактик суҳбат ўтказишган.
Мазкур воқеада қонун бузилиши ҳолатлари ва тартибсизликлар юз бермаган.
Тошкент шаҳар ИИББ фуқаролардан бундай мазмундаги чақириқларга учмасликларини ва карантин қоидаларига риоя этган ҳолда оммавий равишда тўпланмасликларини сўраб қолган.