Қатор соҳа вакилларини COVID-19 га қарши оммавий эмланишни тавсия қилмоқчимиз – Исмоилов

Қуйи палата ялпи мажлисида эмлаш жараёнлари суст олиб борилаётган соҳаларни танқид остига олинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. 15 июль куни Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинади. Бу ҳақда қуйи палата спикери Нурдинжон Исмоилов маълум қилди.
Ялпи мажлисда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиевнинг ахбороти эшитилади.
Тошкент шаҳрида қўшимча эмлаш пунктлари ташкил этилди – рўйхат
Қайд этилишича, мажлисда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Агентлик раҳбарларига депутатларнинг жиддий эътирози ва кўплаб саволлари бўлади. Эмлаш жараёнлари суст олиб борилаётган соҳаларни танқид остига олинади.
“Биз, Қонунчилик палатаси қарорида Ҳукуматга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идораларга, айниқса, коронавирусга қарши кураш бўйича Республика комиссиясига бир қатор тавсияларни берамиз. Жумладан, аҳолининг бир қатор қатламларига коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш ўтказиш лозимлигини тавсия қилмоқчимиз”, - дейилган хабарда.
Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирусга қарши мажбурий эмлаш ғоясини тўғри деб ҳисоблашини айтганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари бошланган буён жами 5,1 миллион дозадан зиёд вакцинадан фойдаланилган. Шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар 938 529 нафарни ташкил қилмоқда.