ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Ўзгидромет Наманган вилояти Косонсой туманида 13 июль кундузи кузатилган гидрометеорологик вазият тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, ўша куни Қирғизистоннинг шимоли-ғарбий қисми ва Қозоғистон жанубидан атмосфера совуқ фронти ўтган. Куннинг иккинчи ярмида бунинг ортидан Фарғона водийси тоғ ҳавзаларида кучли ёмғирли тўп-тўп булутлар ривожланган.
Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Оқсув ва Олабуқа туманларида ёққан кучли жала ёмғирлар Косонсой туманидан оқиб ўтувчи Косонсой сойида сел оқимини ҳосил қилган.
Туманнинг айрим ҳудудларида қисқа муддатли жала ёмғирлари ва дўл кузатилган. Ўртача ҳисобда дўл диаметри 1 сантиметрни ташкил этган.
Қайд этилишича, Косонсой тумани тоғолди ҳудуд ҳисобланади. Георафик жойлашганлигига кўра, сел-тошқинлари ҳосил бўлишига мойил ҳудуд саналади. 13 июль куни Қирғизистон ҳудудларида кузатилган кучли жала ёмғирлар ҳисобига шаклланган Косонсой сойидаги сел ҳодисалари олдинлари туманнинг бошқа сойларида ҳам тез-тез такрорланган. Кеча Косонсой сойидан максимал 60 м³/с миқдордаги сел-сув тошқини ўтган.
Гидрометеорология хизмати маркази маҳаллий аҳолидан 14-17 июль кунлари Қирғизистон билан чегарадош бўлган ҳудудлардаги дам олиш масканларига бормасликни сўраган.