ТОШКЕНТ, 14 июл - Sputnik. Сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистон ва Жанубий Осиё мамлакатлари орасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳажми 35 %га ошди. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий Тадқиқотлар маркази - CERR хабар қилмоқда.
Айтиш жоизки Жанубий Осиё мамлакатлари Ўзбекистон учун муҳим хорижий савдо ҳамкорларидир. Ўзбекистоннинг ушбу ҳудуд билан савдо алоқалари ҳажми 1,386 млн доларни ташкил қилган бўлиб, ундан 919 млн доллари Ўзбекистон экспортига тўғри келмоқда.
Экспорт қилинган асосий маҳсулотлар ва хизматлар қора металлдан ишланган буюмлар, дуккакли озиқ-овқат маҳсулотлари, электроэнергия ва транспорт хизматларига тўғри келган.
Жанубий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори - шубҳасиз Афғонистондир. 2020 йилда ушбу мамлакатга Ўзбекистон 777 млн долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилган. Афғонистондан импорт ҳажми 2 млн АҚШ долларни ташкил қилган.
Иккинчи ўринда – Ҳиндистон бўлиб, ушбу давлат билан савдо алоқалар ҳажми 450 миллион долларга яқинлашган. Ундан импорт миқдори 423 млн., ва экспорт 21 млн. долларни ташкил қилган.
Покистон билан ўзаро савдо алоқалар ҳажми 124 млн. долларни ташкил қилиб, ундан импорт миқдори 25 млн ва экспорт 99 млн. долларни ташкил қилган.
Бангладеш билан ўзаро савдо алоқалар ҳажми 37 млн. долларни ташкил қилиб, ундан импорт миқдори 15 млн ва экспорт 22 млн. долларни ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 15-16 июл кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: Минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониялар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Анжуманда Ўзбекистон, Афғонистон президентлари, Покистон бош вазири, Марказий Осиё давлатлари, Хитой, Россия ташқи ишлар вазирлари, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили – жами 600га яқин иштирокчи ташриф буюриши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу юқори даражали анжуман Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, анжуманда савдо, транспорт, маданий-гуманитар алоқаларни тиклаш ҳамда минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.