Мирзиёев Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги ҳужжатга имзо қўйди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги ҳужжатга имзо қўйди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 20 июль кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарори инобатга олинган.
Қурбон ҳайит байрамида 3 кун дам олиш куни бўлади
"Муборак Қурбон ҳайитининг халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби фазилатларни қарор топтиришдаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда миллий-диний қадриятларимизни улуғлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 20 июль – сешанбага тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2021 йил 20 июль куни Қурбон ҳайити байрами этиб белгилансин", дейилган президент қарорида.
Қарор билан вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамда жамоат ташкилотларига Қурбон ҳайитини карантин талабларига амал қилган ҳолда халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда оила даврасида ўтказиш афзаллиги ҳақида кенг тушунтириш ишларини амалга ошириш топширилди.