Тошкентдаги халқаро анжуманда 600 нафардан зиёд иштирокчи қатнашади

Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Тошкентда 15—16 июль кунлари ўтказиладиган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар" мавзусидаги халқаро конференцияда олти юздан ортиқ иштирокчиларнинг қатнашиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов брифинг чоғида маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Унинг сўзларига кўра, 15-16 июль кунлари Афғонистон президенти Ашраф Гани расмий ташриф билан, Покистон бош вазири Имрон Хон халқаро конференция доирасида амалий ташриф билан мамлакатда бўлади.
Ушбу конференцияда Афғонистон ва Покистон президентлари, шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сисати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррель, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Иштирокчиларнинг умумий сони 600 дан ортиқ.
“Марказий ва Жанубий Осиё”: Асадов муҳокама қилинадиган уч асосий мавзуни маълум қилди
Бундан ташқари, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш иштирокчиларга видеомурожаат йўллаши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган. Ялпи ва шўъба мажлисларида минтақавий боғлиқликни янада чуқурлаштириш имкониятлари, шу жумладан савдо ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликнинг барқарор ўсишни таъминлашдаги ўрни, маданий-гуманитар алоқаларни қайта тиклаш орқали дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги таҳдид ва хатарлар муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, давлат раҳбари Афғонистон президенти, Покистон бош вазири, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ташқи сиёсий идораси раҳбари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.