ТОШКЕНТ, 12 июл - Sputnik. Тошкентда 15—16 июль кунлари "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар" мавзусидаги халқаро конференция ўтказилади. Тадбир муносабати билан 15—16 июль кунлари Тошкентдаги айрим марказий кўчалар ёпилади, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ.
Тадбирда 400 дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Пойтахт ИИББ матбуот хизмати тадбирни ўтказиш жараёнида Tashkent City мажмуаси атрофидаги қуйидаги йўллар транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун ёпилишини маълум қилди:
Ислом Каримов кўчаси: Туроб Тўла кўчасидан Фурқат кўчасигача бўлган қисми; Фурқат кўчасининг маҳаллий йўли: Ислом Каримов кўчасидан Навоий кўчасигача; Олмазор кўчаси: Бешёғоч кўчасидан Навоий кўчасигача бўлган қисми.
Шунингдек, ушбу кўчаларга туташ йўлларда ҳаракатланиш вақтинча чекланиши мумкин.
"Вужудга келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларга бошқа айланма йўллардан фойдаланишни тавсия этамиз. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз", — дейилади хабарда.