ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Владимир Путин руслар ва украинларнинг тарихий бирлиги ҳақида мақола ёзди. Матн Кремль сайтида эълон қилинган.
Фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот вақтида президент Россия ва Украина ҳақида таҳлилий материал ёзишга ва унда юз берган вазиятга нисбатан ўз муносабатини билдиришни ваъда қилган эди. Путин руслар ва украин халқларини бир бутун деб ҳисоблашини алоҳида қайд этганди.
Давлат раҳбари бу мақолани икки мамлакат фуқаролари ўқишларига умид билдирди.
"Шуни айтишим жоизки, кейинги йилларда Россия ва Украина - яъни ягона тарихий ва маънавий макон қисмлари ўртасида юзага келган деворни шахсан мен умумий улкан мусибат, фожиа сифатида қабул қиламан. Бу энг аввало, турли даврларда йўл қўйилган шахсий хатоларимиз оқибати. Шу билан бирга бу бизнинг бирлигимизга ҳамиша путур етказишга интилиб келган кучларнинг мақсадли ҳаракати натижаси ҳамдир. Бунда қўлланилган формула кўхна асрлардан бери маълум: бўлиб ташла ва бошқар. Янги маъно йўқ. Миллат масаласини кўтариш, одамлар ўртасига совуқчилик тушириш каби ҳолатлар мана шу туфайли. Энг олий масала эса — аввал ажратиб, сўнгра битта халқнинг қисмларини ўзаро тўқнаштиришдир".
Президент Россия Киевни шунчаки тан олибгина қолмай, балки Украина мустақил давлат сифатида шаклланиши учун кўп ҳисса қўшганини эслатиб ўтди.
"Замонавий Украина — бутунлайин ва тўлалигича совет даврининг фарзандидир. У айниқса, кўп жиҳатдан айнан тарихий Россия ҳисобига яратилганини биламиз, хотирлаймиз. Бунинг учун XVII асрда Россия давлати билан қандай ерлар қўшилганини ва УССР Совет иттифоқи таркибидан қандай ҳудудлар билан чиқиб кетганини эсга олишнинг ўзи кифоя", — деб ёзган Путин.
Унинг таъкидлашича, Украина ва Россия асрлар давомида ягона иқтисодий тизим сифатида ривожланиб келган ва бундан 30 йил олдин бўлган чуқур кооперацияга ҳатто ЕИ ҳам хасад қилиши аниқ эди.