ТОШКЕНТ, 12 июл - Sputnik. Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддир Низомходжаев Бош котиб Владимир Норов ва ШҲТ кузатувчилар миссиясини бўлажак президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф этди.
Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Владимир Норов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турибди. Ташриф доирасида қатор вазирлик ва идора раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Шу муносабат билан 8 июль куни Бош котиб сайловга тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан таниш мақсадида Марказий сайлов комиссияси раиси Низомходжаев билан учрашди.
Суҳбат аввалида Низомходжаев Ўзбекистон ва ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан Ўзбекистон вакиллари ШҲТнинг иштирокчи мамлакатлардаги парламент ва президент сайловларидаги миссиясида мунтазам иштирок этиб келаётганликларини юқори баҳолаб, сайлов тизимида амалга оширилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, жорий йилда "Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинганлиги, ушбу ҳужжат билан бир қатор қонунлар қаторида Конституцияга ҳам ўзгартиришлар киритилганлиги, шунингдек "Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги янги қонуни билан ҳам сайлов тизимига қатор янгиликлар жорий қилинганлиги қайд этиб ўтилди.
Таъкидланганидек, эндиликда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат суд томонидан кўриб чиқилиши, Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси аъзолари сонини кўпайтириш, сайлов бюллетенига киритиладиган номзодлар ҳақидаги маълумотларни камайтириш борасидаги қоидалар ҳам янги қонунда белгиланган. ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган мазкур қоидалар сайловларнинг халқаро стандартлар ва замонавий тенденциялар асосида ўтишини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.
Ўз ўрнида Норов муҳим сиёсий жараёнларни кузатишда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг етакчи экспертларини жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, ШҲТ фаолияти, хусусан, Марказий Осиё минтақасини ривожлантириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, Буюк ипак йўли қайта тикланишини фаоллаштириш, Хитойнинг ташқи сиёсати, электрон тижорат бўйича тажрибаси хусусида ҳам қисқача тўхталиб ўтди.
Бош котиб пандемия шароитига қарамасдан дунё ҳамжамияти сайловларни демократик ва хавфсиз тарзда ўтказишга интилаётганини ва бунда жамият аъзоларининг ҳам фаоллиги кузатилаётганлигини алоҳида эътироф этди.
Конструктив ва самимий ўтган мулоқот сўнггида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.