Москвада бу йил ҳам Қурбон ҳайити намози жамоат бўлиб ўқилмайди

Россияда бу йилги Қурбон ҳайити 20 июль куни нишонланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Россия мусулмонлар идораси уламолар кенгаши эпидемиологик вазият туфайли Москвада Қурбон ҳайити намозини фақат Москва Жоме масжидида адо этиш тўғрисида қарор чиқарди.
“Москвада ҳайит намози фақат Жоме масжидида имомлар, муаззинлар ва муфтий ўринбосарлари иштирокида адо этилади. Бошқа масжидларда, шунингдек, мусулмонларнинг маҳаллий диний ташкилотларида ҳайит намози ўқиш тавсия қилинмайди”, - дейилган хабарда.
Барча мусулмонларга байрамни ўз уйларида, оила даврасида ўтказиш тавсия қилинган. Москвадаги ҳайит намози ўқилиши “Россия 1” телеканали орқали эфирга узатилади.
Диний идора таркибига кирувчи минтақавий диний бошқармалар жойлардаги эпидемиологик вазиятни эътиборга олган ҳолда масжидларда ҳайит намозини ўқиш ёки ўқимаслик тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилади.
Россияда бу йилги Қурбон ҳайити 20 июль куни нишонланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ҳам коронавирус сабаб Москва масжидларида ҳайит намозлари жамоат бўлиб ўқилмаган эди.