ТОШКЕНТ, 10 июл – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 июль куни бўлиб ўтган йиғилишди Олимпия заҳираларини тайёрлаш масалалари билан танишиб чиқди.
Президент, хусусан, 2024 йили Францияда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклиги бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон спортчилари орасида, қизлар учун квотани кўпайтириш орқали Халқаро олимпия қўмитасининг гендер тенгликка доир талабларини қондириш вазифаси қўйилди.
Ундан ташқари Республикадаги спорт муассасаларининг Паралимпия бўлимларига 10 %гача қўшимча квота ажратилиши ҳамда ота-оналар томонидан тўлов тартиби бекор қилиниши белгиланди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Олимпия заҳиралари ва бошқа спорт мактабларида мавжуд муаммолар ҳам таҳлил қилинди. Улар орасида малакали ўқитувчилар етишмаслиги, мураббийлар малакасини ошириш, хорижлик мутахассисларни жалб қилиш, спорт таълими муассасаларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, замонавий жиҳозлар ва спорт адабиётлари билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Ундан ташқари спортчиларнинг жисмоний, тиббий ва руҳий ҳолатини ҳамда фармакологик таъминотини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 15 та олимпия захиралари коллежи, 344 та спорт мактаби ва 7 та олий спорт маҳорати мактаби фаолият юритмоқда. Уларда 380 минг нафар ёшлар 100 дан ортиқ спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда.
Сўнгги уч йилда Олимпия захиралари коллежлари ўқувчилари халқаро мусобақаларда 723 та, республика турнирларида 10 мингдан зиёд медалларни қўлга киритган. Қарийб 4 минг 500 нафар ўқувчи Ўзбекистон миллий терма жамоаларига қабул қилинган.