ТОШКЕНТ, 9 июл – Sputnik. Россия ИИВ чет элликларнинг мамлакатга кириш ва қолиш қоидаларига ўзгартиришлар тайёрлади, хусусан, мамлакатда вақтинчалик яшаш учун рухсатномани (РВП) бекор қилишни таклиф қилди. Қонун лойиҳаси норматив ҳуқуқий актлар лойиҳалари федерал порталида эълон қилинган.
Шундай қилиб, идора мамлакатда бўлишнинг учта миграция режимини ўрнатишни таклиф қилмоқда: қисқа муддатли (йил давомида жами 90 кундан ошмайдиган), узоқ муддатли (доимий яшаш учун рухсат олмасдан йил давомида 90 кундан ошадиган) ва доимий яшаш (муддатсиз).
Шу билан бирга қўлида рухсатнома бўлган чет эл фуқароларига Россия чегарасидан чиқмай туриб яшаш мақсадини ўзгартириш имконияти тақдим этилмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида ноинсоф таклиф этувчи (жисмоний ва юридик) шахслар реестрини киритиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, идора меҳнат миграциясини иккита ахборот ресурсидан фойдаланган ҳолда тартибга солишни таклиф қилмоқда: хорижий ишчилар реестри ва иш берувчиларнинг электрон реестри.