Президент бўлишни орзу қилмайман - Комил Алламжонов

Алламжонов ҳозирги вақтда ёшларни илмга жалб қилиш ёки ҳунар ўргатиш - бош мақсади эканини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июл - Sputnik. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов BBC ўзбек хизматига берган интервьюсида президент бўлишни орзу қилмаслигини айтди.
BBC журналистининг "Комил Алламжоновни президент бўлишга мақсад қилиш ёки орзу қилишда айблай оламизми?" деган саволига кенгаш раиси қуйидагича жавоб берди.

"Йўқ, менда сиёсий амбициялар йўқ. Ҳар битта китоб ёзган одам, ҳар битта янги лойиҳа қилган одам, бу ишларини албатта президент бўлишни орзу қилиб амалга оширмайди.

Менинг ҳозирги бош мақсадим, ёшларни илмга жалб қилиш. Бугун жамиятимиз ривожланиши, оёққа туриши учун иккита нарса керак: ёшларимиз ё билимли бўлиши керак, ё ҳунарли бўлиши керак.
Ҳар битта китоб ёзган одам, ҳар битта "Заковат"га ўхшаган йирик лойиҳаларни қилаётган одам сиёсий амбициялар билан яшайверадиган бўлса, биласизми... Ҳамманинг дунёқараши, мақсади ҳар хил. Менда бундай амбициялар йўқ", — дея жавоб қайтарди Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Комил Алламжонов яқиндан "Алламжонов айбдор" деган китобини тақдим этган эди. Ушбу асар Васийлик кенгаши раисининг ҳаёт йўлида содир бўлган турли воқеаларни ёритади ва унга муаллифнинг муносабатини билдиради. Ўқувчилар орасида китоб турли фикр, мулоҳаза ва бахсларга сабаб бўлди. Кимдир "китобнинг мақсади оммага маъқул келиш" деган хулосага келган бўлса, бошқа киши "ушбу китоб ёшларга мотивация учун яхши сабаб бўлиши мумкин" деб ёзган.