Москвадаги “Лужники” стадионида хорижликлар ковидга қарши эмланмоқда

“Лужники”да ташкиллаштириб олиб келинган гуруҳлардан ташқари муайян вақтда жисмоний шахслар ҳам эмланиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Москвадаги “Лужники” стадионида хорижликлар учун ковидга қарши эмланиш пунктни очилди.
Бу ерда соат 10:00 дан 22:00 гача дам олиш кунларисиз “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмланиш мумкин. Бир кунда шифокорлар тахминан 15 минг кишини қабул қила олади. “Лужники”да ташкиллаштириб олиб келинган гуруҳлардан ташқари муайян вақтда жисмоний шахслар ҳам эмланиши мумкин. Эмланиш 1300 рублга тушади.
Хорижликлар олдиндан эмланишга ёзилмасдан келиб, вакцина олишлари мумкин. Бунинг учун мигрантнинг Россияда қонуний асосда бўлиб турганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш керак. Шундан сўнг шартнома тузилади, анкета тўлдирилиб, розилик берилади. Сўнгра пулини тўлаб, ковидга қарши ҳимояланиш мумкин.
Эмланганлик тўғрисидаги маълумот ЕМИАСда пайдо бўлади. Эмланганликни тасдиқловчи QR-код sms орқали келади.
Бундан ташқари, хорижликлар Москвадаги 25 та поликлиникада пулли асосда коронавирусга қарши эмланиши мумкин. Тиббиёт муассасалари рўйхати қуйидаги ҳаволада келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Москвада мигрантлар учун эмлаш пунктлари “Сахарово” миграция маркази ва “Садовод” савдо марказида очилган эди.