ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилади. Бу президент Шавкат Мирзиёев имзолаган коррупцияга қарши муросасиз курашишга оид фармонда белгиланган.
Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:
давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши;
сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши;
давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига киритилиши;
уларнинг тадбиркорлиги давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши;
давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестрини юритиш таклиф қилинаётгани хабар қилинган эди.