Мирзиёев ва Раҳмон Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 5 июль куни Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 5 июль куни Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни кўриб чиқдилар ҳамда минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдилар.
Америкаликлар Афғонистонни Россияга "ташлаб қўйдими"?
Минтақада Афғонистон йўналишидаги аҳволнинг ёмонлашиши ва кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Яқин идоралараро мувофиқлашувни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, президентлар бўлажак олий даражадаги тадбирларни, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ўтказиш режасини кўриб чиқдилар.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнда Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон телефон орқали мулоқот қилиб, Афғонистоннинг шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларида, икки мамлакатнинг Афғонистон билан давлат чегараси ўтадиган ҳудудлари бўйлаб вужудга келаётган таҳликали вазиятни жуда кескин деб баҳолаганди.