ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Тошкентда 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидасиги юқори даражали халқаро анжуман бўлиб ўтади. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бу анжуман доирасида қайси масалалар муҳокамаси устувор бўлиши хусусида маълумот берди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
“<...> бу анжуманнинг асосий мавзулари, бу биринчи навбатда, Жанубий ва Марказий Осиё ўртасида транспорт-логистика ҳамкорлигини кенгайтириш ва бу орқали янги иқтисодий имкониятларни яратиш”, - деди Асадов.
Унинг сўзларига кўра, анжуман доирасидаги иккинчи энг катта мавзулардан бири бу хавфсизлик масалалари муҳокамасидир.
Учинчи асосий масалалардан бири эса икки минтақа ўртасидаги илм-фан, технология ва инновацион ҳамкорликка бағишланган масалалар муҳокамаси.
“Ишончимиз комилки, мана шу конференция якунлари бўйича Жанубий ва Марказий Осиё орасидаги ўзаро боғлиқлик янада кучаяди ва бу албатта икки минтақанинг ривожланиш даражасининг янги босқичга чиқишига катта туртки бўлади”, - дея сўзларига якун ясади Асадов.
Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу конференцияда дунёнинг қатор мамлакатларидан етук давлат ва сиёсат арбоблари, етакчи олимлар ва экспертлар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган.