Янги ўқув йилидан таълим кредити 14 фоизда 7 йилга берилади

Ўзбекистонда 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб таълим кредити 7 йил муддатга 14 фоиз ставка билан берилади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Янги ўқув йилидан барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни 2021 йилда 14 фоиз ставкада ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ёшлар ва талабалар форумида маълум қилди.
“Маълумки, бугунги кунда ота-оналар фарзандини олийгоҳда ўқитиш учун 22–28 фоиз ставкада таълим кредитини 3 йил муддатга олмоқдалар. Лекин бу ҳаммага, айниқса, узоқ ва чекка жойларда яшайдиган оилаларга оғирлик қилаётгани ҳам бор гап. Шуни ҳисобга олиб, янги ўқув йилидан барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни 2021 йилда 14 фоиз ставкада ажратилади”, - деди давлат раҳбари.
Бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан ҳам озод қилиниши айтилди.
"Темир дафтар"га киритилган оилаларнинг фарзандларига олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун, контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.