ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг кенжа қизига дабдабали тўй қилингани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди.
“Ижтимоий тармоқларда Aндижон ҳокимининг қизини тўйи бўлаётгани ҳақидаги видеолавҳа юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади;
Ҳақиқатдан ҳам, видеолавҳанинг биринчи қисмида Андижон вилояти ҳокимининг қизи ва куёвининг унаштирув маросимидаги суратлар акс этган. Андижон вилояти ҳокими яқин кунларда қизини турмушга узатганлиги маълум. Аммо, тарқатилган видеонинг иккинчи қисмида турли хил кийим кечаклар билан тўлдирилган гардироблар, уй-жойлар акс эттирилган суратлар вилоят ҳокимига умуман алоқадор эмаслиги аниқланди. Ушбу фотосуратлар интернет тармоқларидан кўчириб олинган ва кўчирилган суратлар ёрдамида тайёрланганлиги маълум бўлди.
Ҳурматли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, юқоридагиларни инобатга олиб, ёлғон ахборот тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет тармоғида тарқатиш ҳолатлари учун қонуний жазо чоралари мавжуд эканини эслатиб ўтамиз”, - дейилган баёнотда.