Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси ишлаб чиқилади

Ўзбекистон ва Туркия яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини йилига 5 миллиард долларга етказишни кўзламоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқилади. Уни қабул қилиш масалаларини Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва Туркия вице – президенти Фуат Октай муҳокама қилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилганлиги ва ҳозирги вақтда ҳам пандемияга қарамай, жадал ривожланаётганлиги қайд этилди.
Шу нуқтаи назардан, олий даражадаги икки томонлама тадбирларга, хусусан, Стратегик ҳамкорлик Кенгашининг жорий йилдаги 2-йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар иқтисодий шерикликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини йилига 5 миллиард долларга етказиш учун барча зарур чораларни кўриш юзасидан якдил фикрлар билдирилди.
“Икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди. Мавжуд масалалар бўйича якуний келишувларга эришиш ва яқин келажакда икки томонлама музокараларнинг навбатдаги раундини ўтказиш мақсадида ушбу йўналишдаги ҳамкорлик янада жадаллашади”, - дейилган хабарда.
Ўзбекистонда иқтисодиётни ва давлат бошқарувини рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу соҳада долзарб муаммоларни ҳал қилиш ҳамда Туркия тажрибасидан фойдаланиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида ахборот технологиялари ва инновациялар соҳалари мутахассисларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.
Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президентини қабул қилди
Шунингдек, инвестиция муҳитини яхшилаш, минтақавий ривожланиш, махсус иқтисодий зоналар самарадорлигини ошириш ва бошқа соҳаларда Туркия тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Туркиялик экспертларни жалб қилган ҳолда бу соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Туркиялик экспертларни жалб қилган ҳолда бу соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия вице – президенти Фуат Октай ишчи ташриф билан Ўзбекистонга келгани ва у президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган хабар қилинган эди.