ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Хоразм вилоятининг Урганч туманида сув таъминоти идорасининг икки ходими иш вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда "Хоразм сув таъминоти" МЧЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳодиса 26 июнь куни соат 20:00 ларда тумандаги "Олтин кўл" МФЙ ҳудудида жойлашган 1-сонли оқова сув ҳайдаш станциясида содир бўлган. 2 нафар ишчи насосни тозалаш мақсадида қудуққа тушган.
Таъкидланишича, улар техник хавфсизлик ва шахсий ҳимоя қоидаларига риоя қилмаган. Бирламчи тахминларга кўра, ҳар иккала ишчи токсик газ (сероводород)дан заҳарланган ва воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.