Абдулазиз Камилов: Толибон – террорчи ташкилот эмас

Абдулазиз Камиловнинг шахсий фикрига кўра, Толибон* террорчи ташкилот эмас, улар ўз давлатида хорижий кучлар аралашувисиз яшашни истайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Толибон* - террорчи эмас, деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ журналисти Деннис Ҳолига берган интервьюсида.
Америкалик журналистнинг “Сиз Толибонни террорчи ташкилот деб ҳисоблайсизми?” деган саволига Камилов “йўқ” деб жавоб берди ва бу унинг шахсий нуқтаи назари эканини қайд этди.
Камилов айтишига қараганда, Толибон* ҳаракати сўнгги 40 йил ичида, Афғонистон ҳудудидан ташқарида, Марказий Осиё, Европа ёки дунёнинг бошқа жойида бирор маротаба ҳам террорчилик акти уюштирмаган.
Иккинчидан, АҚШ Толибон билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб, шартнома имзолади. Ҳаммага маълумки, АҚШ сиёсатининг энг асосий принципларидан бири - ҳеч қачон террорчилар билан музокара олиб бормаслик.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш музокараларида сўнгги 4-5 йил ичида жиддий олдинга силжиш содир бўлган. Хусусан, томонлар бир-бири билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришни бошлаган.
Иккинчидан Афғонистон ҳудудида Толибондан ташқари, бошқа турли гуруҳлар ва кучлар бор. Улар орасида амалдаги ҳукуматнинг етакчи сиёсатчилари, сиёсий партия раҳбарлари, алоҳида ҳудуд раҳбарлари ва бошқалар. Тинчлик ўрнатиш жараёнида уларнинг барчаси иштирок этиши керак. Халқаро ҳамжамият бунда яқидан ёрдам бериши керак.
“Толибон”* Афғонистон қўшниларини ўз ҳудудига хорижий базаларни жойлаштирмасликка чақирди
Шунингдек, Камилов 2021 йил июл ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё ва Жанубий Осиё: ҳудудий алоқалар. Чақириқлар ва имкониятлар” хақларо анжумани Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун қўйилган яна бир муҳим қадам бўлишини таъкидлади. Вазир айтишига кўра, аксарият манфаатдор давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ушбу анжуманда иштирок этишга розилик билдиришган.
*Толибон – Россия Федерацияси ҳудудида террорчи ташкилот деб тан олинган.