ТОШКЕНТ, 24 июн – Sputnik. Москвада 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзаков Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга режалаштирилаётган ташрифининг иқтисодий кун тартибини тайёрлаш масалалари асосий ўринни эгаллади.
Ушбу йўналишда, томонлар қуйидагиларга келишиб олишди:
инвестиция битимлари ва савдо шартномаларига эришиш учун тегишли вазирлик ва идораларнинг саноат кооперациясининг янги лойиҳаларини ишлаб чиқишни жадаллаштиришга;
Ўзбекистон Инвестициялар вазирлиги ҳамда Россия Саноат вазирлиги ўртасида ташкил этилган Лойиҳа офиси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди: Офис томонидан ҳозирги кунда фармацевтика, ишлов бериш, машинасозлик, металлургия ва кимё саноатида йирик лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда;
ўзаро савдони ривожлантириш мақсадида, томонлар Ўзбекистонда техник тартибга солиш ва стандартлаштириш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш учун россиялик экспертларни жалб этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида ўзаро келишувларни амалга ошириш ва қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.