Россия ва Ўзбекистон савдо ҳажми яқинда $ 10 миллиардга етади – Арипов

Пандемияга қарамасдан йил бошидан буён Россия ва Ўзбекистон савдо ҳажми 15%га ошди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 июн – Sputnik. Россия ва Ўзбекистон орасидаги савдо алоқалари ҳажми яқин орада 10 миллиард долларга етиши мумкин, деди Абдулла Арипов бугун Москвада бўлиб ўтган Россия – Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг 2-йиғилишида.
Ўзбекистон бош вазири айтишига қараганда, икки давлат орасида яратилган ҳамкорлик механизми ушбу муносабатларни муваффақиятли ривожланиши учун хизмат қилмоқда. Хусусан, пандемияга қарамасдан, йил бошидан буён Ўзбекистон ва Россия орасида савдо ҳажми 15 % ўсиши кузатилмоқда.

“Савдо ҳажми ўсишда давом этган тақдирда биз яқин орада, белгиланган марра – 10 миллиард долларга етамиз”, - деди Арипов.

Бош вазир сўзларига кўра, бунинг учун бир қатор факторлар хизмат қилмоқда:
Россия вазирликлари ва муассасалари, ҳудуд раҳбарлари билан доимий равишда ўтказиб келинаётган сермаҳсул учршувлар, имзоланган битимлар;
Россия ва Ўзбекистон орасида товарларнинг божхона қиймати ҳақида маълумот алмашув ва соддалаштирилган божхона коридори яратиш тўғрисида имзоланган янги битимлар;
Россия томонидан Ўзбекистоннинг турли соҳаларига киритилган, умумий қиймати 10 миллард доллардан ортиқ бўлган инвестициялари;
Ўзбекистонда Россия капитали ёрдамида яратилаётган корхоналар сони ошиб бораётгани. Хусусан, йил бошидан буён россиялик тадбиркорлар иштирокида 90 та янги корзхона яратилган;
Маълумот учун, бугун 22 июнь куни Москвада Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Учрашув якунида Россия ва Ўзбекистон муносабатларини янада фаоллаштирувчи 12та шартнома ва келишувлар имзоланди.