ТОШКЕНТ, 21 июн - Sputnik. Тошкентда Жанубий Корея фуқароси ўз ватандоши, "Taekwondo WTF" уюшмаси мураббийини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар бермоқда.
Фожиа 15 июнь кунни тонг саҳар Чилонзор туманида юз берган.
44 яшар жанубий кореялик К.Д., ўта маст ҳолда ватандоши билан жанжаллашиб қолиб, можаро оқибатида "Taekwondo WTF" мураббийи бўлган таниши 39 яшар К.Жга пичоқ билан оғир тан жароҳатларини етказган.
Жабрдийда касалхонага олиб борилган, аммо тиббиёт ходимлари уринишларига қарамасдан эртаси куни вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 104-модда (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми "д" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи эркак қўлга олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.