АҚШ Хитойни яккалаш билан таҳдид қилди

COVID-19 пайдо бўлиш сабабларини аниқлаштиришга қаршилик қилса - Оқ уй Хитойни яккалашини билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июн - Sputnik. Коронавирус пайдо бўлиш вазиятини аниқлаш учун халқаро экспертлар киришига тўсқинлик қилса, Хитой тўлиқ изоляция қилинади, деди миллий хавфсизлик бўйича АҚШ президенти маслаҳатчиси Жейк Салливан.
"Дунё мамлакатларини бирлаштириш ва Хитойга сиёсий ва дипломатик босим ўтказиш орқали биз ХХРга кескин талаблар қўймоқчимиз: ёки у коронавирус қандай пайдо бўлганини текширувчи мутахассисларни ишлашга қўяди, ёки у халқаро ҳамжамият томонидан изоляция қилинади”, - деди Салливан Fox News телеканалига.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Англиянинг Корнуолл графилигида бўлиб ўтган “катта еттилик” саммитида президент Жо Байден коронавирус қандай пайдо бўлгани ҳақида якуний хулосага келмаганини маълум қилганди.
Шунингдек G7 давлатлари раҳбарлари Хитойни Шинжон, Гонконг ва Тайванда демократия ва инсон ҳуқуқлари бузилишида айблаб, унга биргаликда “қарши туриш”га келишиб олган эди.
G7 саммити баёнотидан сўнг Хитой қатъий норозилик билдирди
Маълумот учун, 2021 йилнинг март ойида халқаро экспертлар гуруҳи Ухань шаҳрида коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш мақсадида текширувлар ўтказган ва “COVID-19нинг лабораторияда келиб чиқиши эҳтимоли жуда кам” деган хулосага келишган эди. Энг эҳтимолий вариант – коронавсирус олдин кўршапалакдан бирор ҳайвонга юққан ва мутация қилган. Ундан сўнг одамга юққан бўлиши мумкин, деган хулосага келишган эди.