ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг (ЎФА) навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ЎФА раҳбари Абдусалом Азизов сўзга чиқиб, ўзбек футболидаги муаммоларга тўхталди.
Биз футболда кўп нарсани йўқотдик. Йўқотиш қайси маънодаки, айримлар буни бизнес қилиб олди. Бу нарса болалар футбол мактабларидан бошланган. Иқтидорлар эмас, кимдир кимнингдир илтимоси билан мактабга қабул қилинади. Энг катта камчилигимиз жамоаларга танловларда бўляпти, тайёргарлик тизимида бўляпти, ижодий ёндашув йўқлигида бўляпти.
Унинг сўзларига кўра, мураббий бу — ижодкор. Жамоани фақат ижодий томондан юксалтирадиган шахс. Лекин бизни футболда мураббий — ўзи менежер, ўзи маъмур.
“Керак бўлса ўзи меҳмонхона буюртма қилади, ўзи транспорт топади, пулларни ўзи тақсимлайди. Ҳаммаси шунга ёпишиб олган. Бундан кейин клубларда мураббийлик алоҳида ва маъмурий менежмент алоҳида ташкил қилади. ЎФА буни назоратга олади”, - дея таъкидлади Азизов. Унинг сўзларидан "Дарё" нашри иқтибос келтирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миллий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ўз лавозимини тарк этгани хабар қилинган эди. Шунингдек, жамоа сардори Одил Аҳмедов терма жамоадаги фаолиятини якунлади.