ТОШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ж. Баласағин номидаги Қирғизистон миллий университети Ўш филиали мансабдор шахси пора олаётгани акс этган яширин видеони тақдим этди. Sputnik Қирғизистон хабарига асосан.
Видеода аёл талабалардан пул олаётгани, фақат доллар олиб келишини талаб қилиши, "уй сотиб оламан" деб иш столида бозордаги сотувчиларга ўхшаб "ирим" қилаётгани акс этган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси таъкидлашича, пора олишда университетнинг айрим мансабдор шахслари алоқадорлиги аниқланган.
"Университет раҳбарияти ўқитувчилар билан биргаликда чет эллик талабалардан имтиҳон сессияси ва давлат имтиҳонларига қўйиш эвазига пора олиш схемаси йўлга қўйишган", - дейилган хабарда.
Коррупция схемасига алоқадор барча шахслар аниқланган. Гумонланувчилардан бири қўлга олинган.