ТОШКЕНТ, 17 июн – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 16 июнь куни бўлиб ўтган мажлисда олий таълим соҳасидаги муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари муҳокама қилинди.
Мажлисда олий таълимнинг замонавий эҳтиёжларга жавоб бермаслиги танқид қилинди.
Хусусан, бугун хизмат кўрсатиш соҳасида 40 мингта, саноатда 38 мингта, қурилишда 12 мингта, қишлоқ хўжалигида 10 мингта, алоқа ва ахборот технологияларида 4 мингта олий маълумот талаб этадиган бўш иш ўринлари бор, лекин битирувчилар сон жиҳатидан ҳам, малака бўйича ҳам бу талабни қондира олмайди.
Ушбу тафовут келиб чиқишида тизимда мавжуд қуйидаги муаммолар сабаб бўлгани қайд этилди:
олий таълимнинг 815 та йўналишнинг 55 % меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди, 2 мингга яқин фанлар бўйича дарсликлар етишмайди;
Ўқув дастурларининг айримлари 40 йил олдин тузилгани ва замон талабларига жавоб бермайди;
Айрим ОТМларда ўқув дастурлари меҳнат ва бозор талабларига эмас, профессор ўқитувчиларга мослаштирилгани ва оқибатда талабаларга кераксиз фанлар ўргатилмоқда;
Айрим ОТМлар ўқитувчилар таркибида профессор ва бошқа юқори илмий унвонли кадрлар улуши 25%га ҳам етмайди;
Муаммоларни ҳал қилиш учун қуйидаги йўналишларда амалга ошириш керак бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди:
1.
Олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш.2.
Ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш.3.
Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш.4.
Профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.Бу вазифаларни самарали бажариш учун олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилиши таъкидланди.
Яъни, бундан буён, ўқув режаси ва адабиётлар, фан дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ҳамда таълим шаклларини белгилашни олийгоҳ бошқарув кенгашининг ўзи ҳал қилади.
Энди ҳар бир кафедранинг фаолияти унинг илмий салоҳияти ва ёшларни селекция асосида илмий фаолиятга жалб этиш кўрсаткичларига қараб баҳоланади.
Илмий раҳбарларга 5 тагача докторант ва 3 тагача мустақил изланувчи олиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, ҳар бир кафедранинг бир нафардан ёш олимини хорижга стажировкага юбориш йўлга қўйилади.