ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 июндан ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланди.
2025 йил 1 январга қадар:
омухта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тўлдириш учун ажратиладиган 10 миллиард сўмгача кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми;
паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратиладиган 10 миллиард сўмгача кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади;
кушхона ва музлаткичларни ўз ичига олган паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплексни ишга туширган тадбиркорларга лойиҳа қиймати 40 миллиард сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизи миқдорида субсидия берилади.
Қарорга кўра, паррандачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун 85 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ “Микрокредитбанк” АТБга йўналтирилади.
2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлар учун асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.
2022 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлар (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.
Қарорга кўра, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг паррандачилик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди.