ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати Sputnik нашрига маълум қилди.
Мажлиснинг кун тартибидан президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш, МСКнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид масалалар жой олган.
“2021 йил учун Ўзбекистон давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга биноан жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 300 миллиард сўм этиб белгиланган”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, харажатлар сметасини шакллантириш ва Молия вазирлиги билан келишишда президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида маблағ талаб этиладиган барча жиҳатлар ҳисобга олинган.
Сайловда иштирок этадиган сиёсий партияларни молиялаштириш учун яъни умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амлага ошириш харажатлари учун – 15 миллиард 486 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
“Бунда ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзод учун 3 миллиард 97 миллион сўм тўғри келмоқда”, - деди МСКнинг доимий асосда ишловчи аъзоси Адҳам Ибодуллаев.
Унинг сўзларига кўра, ажратилган маблағлар аниқ ва манзилли сарфланиши қонунда белгиланган тартибда тегишли давлат идоралари томонидан назорат қилиб борилади. Шу билан бирга, сайлов якунида иқтисод қилинган маблағлар давлат бюджетига қайтарилади.