ТОШКЕНТ, 16 июн – Sputnik. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ оромгоҳи” ёки халқ тилида “Пирамидалар” деб ном олган дам олиш маскани савдога чиқарилди. Бу ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар қилмоқда.
Ушбу йирик туристик объект 8та алоҳида лотларга бўлиб савдога чиқарилган. Хусусан, "Чорвоқ оромгоҳи"нинг ҳар бир биноси алоҳида лот сифатида, спорт мажмуаси ва қурилаётган объектлар ҳам алоҳида лот сифатида савдога чиқарилган.
Сотиш икки босқичда ўтказилади:
Биринчи босқичда – талабгорлар олдиндан сараланади, жумладан, ҳужжатлар тўлиқлиги, закалат пули келиб тушганлиги, бизнес концепцияси лойиҳасининг қўйилган талабларга мақбул ёки мақбул эмаслиги;
Иккинчи босқичда – талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.
Савдонинг биринчи босқичида иштирок этиш учун талабгорлар 2021 йил 15 июль соат 18:00 га қадар Давактив агентлигига белгиланган ҳужжатларни топшириши ва лотнинг умумий қийматидан 5% миқдорида “закалат пули” тўлаши керак.
Қўшимча талаблар:
Давлат активларидан келгусида меҳмонхона ёки бошқа туризм инфратузилмаси объектини барпо этиш талаби қўйилади;
давлат активини сотиб олиш бўйича биринчи босқичда битта таклиф келиб тушган ҳолларда, савдолар ўтказилмаган деб эътироф этилади;
Бўлажак харидорлар тақдим этаётган керакли ҳужжатлар орасида сотиб олинаётган объектдан келажакда фойдаланиш мақсади (бизнес-режа), харидорнинг сўнгги 3 йилдаги молиявий ҳисоботи ҳамда нарх таклифи бўлиши керак.
"Давактив" агентлиги хбарига кўра 2021 йилнинг январ-май ойларида “Электрон онлайн аукционлар” орқали 15 816 та давлат мулки 570,6 млрд.сўмга сотилди. Мулкларни сотиб олувчилар белгиланган муддатда 3,4 трлн.сўм миқдорида инвестиция киритиш мажбуриятини олган.