ТОШКЕНТ, 15 июн - Sputnik. Бугунги кунда Ўзбекистонда 2000 ва 20000 сумлик янги купюралар муомалага чикарилди. Ушбу мавзуда Sputnik мухбири саволларига Марказий банк департамент директори Акмал Назаров жавоб берди.
- 2000 сўмлик ва 20 000 сўмлик банкнотларни муомалага чиқаришдан мақсад нима?
- Мазкур номиналдаги банкнотларни муомалага чиқаришдан асосий мақсад – аҳоли учун нақд пулдаги ҳисоб-китобларда тўловларни амалга ошириш учун қулайликлар яратиш ҳисобланади.
Нақд пулларнинг номинал қаторини белгилашнинг бутун дунё мамлакатлари амал қиладиган назариясига кўра, мисол тариқасида айтадиган бўлсак,
1 ва 5 қиймат номиналидаги банкнотлар орасида - 2 қийматли,
10 ва 50 қиймат номиналидаги банкнотлар орасида - 20 қийматли,
100 ва 500 қийматдаги банкнотлар орасида - 200 номинал
ва ҳоказо тартибда бўлиши нақд пулдаги тўловлар учун қулай эканлиги маълум қилинган.
Нега энди чиқарилмоқда деган савол туғилиши мумкин -
Марказий банк томонидан 2017 йилнинг март ойидан 10 000 сўмлик банкнотлар, август ойидан 50 000 сўм номиналдаги банкнотлар муомалага чиқарилган эди.
Юзага келган ҳолат, яъни нақд пул муомаласининг эркинлаштирилиши ортидан иқтисодиётда ва банклар орқали нақд пул айланмалари ҳажмларининг кенгайиб бориши оқибатида:
1.
нақд пулда тўловларни амалга оширишда, уларни олиб юриш, сақлаш;2.
нақд пуллар билан ишлаш, айниқса банкларда нақд пулларни санаш, саралаш ва ўраб-боғлаш жараёнларида қулайлик ва енгиллик яратиш мақсадида янада каттароқ номиналдаги банкнотга эҳтиёж юзага келиши 2019 йил февралда 100 000 сўмлик банкнотнинг муомалага чиқарилишига сабаб бўлди.Эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатимизда қисқа муддат ичида амалга оширилган иқтисодиётни эркинлаштириш жараёнлари ортидан нақд пулга бўлган талабнинг ошиши ва ушбу талабни қондириш учун (оралиқ номиналдаги пул белгиларидан сакраб ўтиб) каттароқ номиналдаги банкнотларни муомалага чиқариш зарурияти юзага келди.
Иккинчидан, Марказий банк томонидан амалда 2018 йилдан бошланган муомаладаги нақд пулларнинг номинал қаторини оптималлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида:
50, 100, 200, 500 сўмлик янги намунадаги тангаларнинг муомалага чиқарилди ҳамда ушбу номиналдаги эски намунадаги тангалар ва банкнотлар босқичма-босқич муомаладан қайтариб олинди (бу жараён Марказий банкнинг Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан ҳалиям амалга оширилмоқда);
25 сўм ва ундан кичик номиналдаги банкнотлар ва тангаларнинг 2020 йил 1 мартдан бошлаб қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотди.
Ушбу чора-тадбирларнинг давоми сифатида бугунги кунда 2000 сўмлик ва 20 000 сўмлик банкнотларни муомалага чиқариш орқали пул белгиларининг номинал қатори тўлдирилмоқда.
- 2000 сўмлик ва 20 000 сўмлик банкнотларни муомалага чиқарилиши инфляцияга таъсир кўрсатмайдими?
- Янги банкноталар муомалага чиқарилишининг миллий валюта қадрига, пул массасига ёки инфляция даражасига ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Бунда янги банкнотнинг муомалага чиқарилиши бу муомалага қўшимча пул маблағларининг чиқарилиши сифатида кўрилмаслиги лозим.
Аҳолига нақд пулдаги тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида чиқарилаётган мазкур пул белгилари муомалада бўлган бошқа банкнотларнинг ўрнига чиқарилади. Яъни, муомаладаги нақд пул маблағлари ҳажмида ҳам ва иқтисодиётдаги пул массаси ҳажмида ҳам ўзгариш бўлмайди.
Иқтисодиётдаги пул массаси ўзгармаганидан кейин янги муомалага чиқарилаётган банкнотлар инфляция даражасига ва сўмнинг алмашув курсига таъсир этмайди.
Бунда иқтисодий фаолликнинг тикланиши ва иқтисодий ўсиш билан бир қаторда пул массасига, хусусан, нақд пул маблағларига бўлган талаб мос равишда ортиб боради ҳамда қўшимча пул маблағлари муомалага чиқарилади.
Янги қийматдаги банкнотлар ҳам айнан иқтисодиётда табиий равишда шаклланган пулга бўлган талабнинг босқичма-босқич ортиб бориши фонида бошқа қийматдаги банкнотлар билан биргаликда чиқариб борилади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцион таргетлаш режимида амалга оширилаётган бўлиб, асосий эътибор иқтисодиётда инфляция даражасини пасайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва шу орқали макроиқтисодий барқарорликка эришишга қаратилган.