ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Россияда қонуний асосга эга бўлмаган чет элликлар ушбу вазиятни ҳал қилиш тўғрисида 30 сентябрга қадар полицияга мурожаат қилишлари керак, дейилади “МВД Медиа”.
Бугун Россия президенти Владимир Путин пандемия пайтида хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Ҳужжатга кўра яшаш учун рухсатноманинг муддати тугамайди.
Бундан ташқари, фармон чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни депортация қилишни тақиқлайди; қамоқдан озод қилинганлар ва миллий хавфсизликка таҳдид соладиган шахслар бундан мустасно. Ушбу чора 30 сентябргача амал қилади.
Ички ишлар вазирлиги шарҳида айтилишича, Россияга 2020 йил 15 мартгача келган фуқаролар ва 2021 йил 16 июндан бошлаб мамлакатда бўлиш учун қонуний асослари бўлмаган шахсларга 2021 йил 30 сентябргача ҳуқуқий мақомни тартибга солиш учун ИИВнинг ҳудудий органларига мурожаат қилиш имконияти берилди. Бу ҳаво қатнови тиклангандан кейин ҳам Россия ҳудудини тарк этмаган чет элликларга тегишли бўлади.
Чет эл фуқаролари бундай ариза билан мамлакатдан чиқариб юборилмайди.
"Ўз ҳуқуқий мақомларини тартибга солишни истамаган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 2021 йил 30 сентябргача Россия Федерациясини тарк этиш ҳуқуқи берилди", - деб қўшимча қилди ИИВ.
Путин томонидан имзоланган фармон 16 июндан кучга киради. Юқоридаги кўрсатмаларга қўшимча равишда, у Россияга ихтиёрий равишда кўчиб ўтишга кўмаклашиш давлат дастури иштирокчисининг визалари, миграция карталари ва гувоҳномаларининг амал қилишини тўхтатади.
Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар фуқаролари Россияга ташрифининг белгиланган мақсадидан қатъи назар 2021 йил 31 декабргача меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларини тузишлари мумкин. Бошқа мамлакатлардан келган фуқаролар патент олиш имкониятига эга бўладилар.